ЎРГАНИШ ВА ТАҲЛИЛ ЯКУНИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

17 Aug, 2021 - 15:55
737
ЎРГАНИШ ВА ТАҲЛИЛ ЯКУНИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Сирдарё вилояти

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг “Маданият вазирлиги тизимидаги ташкилот ва муассасаларни комплекс ўрганиш ва уларнинг фаолиятини янада ривожлантириш тўғрисида”ги буйруғига асосан, ташкил этилган ишчи гуруҳ Республикамиз бўйлаб тизим ташкилотлари фаолиятини ўрганиб, таҳлил этишда давом этмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 9-11 август кунлари Сирдарё вилояти тизим ташкилотлари фаолияти ўрганилди.

Ўрганиш ва таҳлил натижаси муҳокамаси юзасидан Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов (ZOOM платформаси орқали онлайн иштирок этди) вазирликнинг ижро аппарати раҳбари Жамолиддин Узоқов, ҳамда ишчи гуруҳи аъзолари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Б.Аҳмедов соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, яратиб берилаётган имкониятлар тўғрисида тўхталиб, келгусида олдимизда турган вазифалар ижросига жиддий киришиш, масъулиятсизликка асло йўл қўймаслик лозимлигини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, йиғилишда маданият бўлимлари, маданият марказлари, таълим муассасалари, театрлар, концерт-томоша фаолиятида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва ижро интизоми билан ишлашда хато ва камчиликларга йўл қўйган ташкилотлар фаолияти танқидий муҳокама қилинди.

Натижада, вилоятдаги 9-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби директори, 5-, 8-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқув-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари, вилоят маданият бошқармаси бошлиғи ўринбосарига интизомий чора — “ҳайфсан” эълон қилиниб, бошқарманинг кадрлар бўйича бош мутахассиси огоҳлантирилди.

Бундан ташқари, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси вилоят бўлими раҳбари, Вилоят мусиқали драма театрининг кадрлар бўйича бош мутахассиси ўз лавозимидан озод этилиб, театрнинг бош администраторининг ишда қолиш ёки қолмаслик масаласини қайта кўриб чиқиш белгилаб қўйилди.

Муҳокама якунида вилоятда маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш, Сирдарё вилоятининг энг чекка қишлоқ ва овулларига республика театр ва концерт муассасаларининг гастроль сафарларини уюштириш борасида алоҳида дастур ишлаб чиқиш юзасидан зарур кўрсатма ва топшириқлар берилди.

O'zbekiston Respublikasi Madaniyat Vazirligi MM

Rasmiy sahifa



Biz bilan aloqa

Topilgan xatoni izohlash