ЎРГАНИШ ВА ТАҲЛИЛ ГУРУҲИ ҚОРАҚАЛПОҒИСТОНДА
09 Aug, 2021 - 16:09
797
Қорақалпоғистон
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг “Маданият вазирлиги тизимидаги ташкилот ва муассасаларни комплекс ўрганиш ва уларнинг фаолиятини янада ривожлантириш тўғрисида”ги буйруғига асосан ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан жорий йилнинг 26-28 июль кунлари Қорақалпоғистон Республикаси тизим ташкилотлари фаолияти ўрганилди.
Ўрганиш ва таҳлил натижаси муҳокамаси учун Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Нукус шаҳрида жойлашган Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат мусиқали театри биносида бўлиб ўтган мазкур йиғилишда соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, яратиб берилаётган имкониятлар тўғрисида фикр билдирилиб, бу борада олдимизга қўйилган вазифаларнинг ижросига тўхталиб ўтилди.
Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикасида жами 107 та маданият ва санъат муассасалари мавжуд бўлиб, уларда 2476 нафар ходим фаолият юритиб келмоқда.
Йиғилиш давомида маданият бўлимлари, маданият марказлари, таълим муассасалари, театрлар, концерт-томоша фаолияти, кадрлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда ижро интизоми билан ишлашда хато ва камчиликлар танқидий муҳокама қилинди.
Шунингдек, ишчи гуруҳи томонидан ўрганилган 16 та маданият бўлими мудирлари (туман, шаҳар) маданият марказлари директорларига интизомий чора — “ҳайфсан” эълон қилинди.
“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими директори лавозимига лойиқ ёки лойиқ эмаслигини кўриб чиқиш, “Айқулаш” қорақалпоқ давлат миллий фольклор ансамбли директорига “ҳайфсан” ва Ўзбекистон давлат филармониясининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раҳбарига огоҳлантириш эълон қилинди.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги таълим муассасаларини мувофиқлаштириш бўйича бош мутахассиси, халқ ижодиёти ва ҳаваскорликни ривожлантириш сектори бошлиғи, вазирликнинг юрисконсультига “ҳайфсан” ҳамда Маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш бўйича бўлим бошлиғига огоҳлантириш эълон қилинди.
Мазкур йиғилишда тизимдаги мавжуд таълим муассасалари раҳбарларига тегишли хулоса чиқарилиши белгиланди.
Йиғилиш якунида Б.Аҳмедов томонидан шаҳар ва туманлар маданият бўлимлари мудирларига республикамиздаги мавжуд давлат театрлари билан ҳамкорлик қилиш, Қорақалпоғистоннинг чекка ҳудудлардаги маданият марказларида ҳудуд аҳолисига спектакллар намойишини ташкил этиш, ҳудудларда ижод қилаётган истеъдодли ёшларни, янги овозларни кашф этиш, уларнинг ижодига кўмаклашиш, маҳоратли театр актёрлари иштирокида спектакллар саҳналаштириш, самарали ижод маҳсулига эга ёзувчи ва шоирлар, халқ ҳофизлари ҳамкорлигида вилоят мақом ансамблининг назм ва наво кечаларини ташкил этиш сингари вазифалар белгилаб берилди.
Ўйлаймизки, Қорақалпоғистон Республикаси маданият тизимида олиб борилган ўрганиш ва таҳлил ишларидан ҳар бир раҳбар ва ходимлар ўзларига тегишли хулоса чиқаришади.