ЁШЛАРНИ БАҲОЛАШДА ХОЛИС ВА АДОЛАТЛИ БЎЛИШ МУҲИМДИР
31 Jul, 2021 - 16:04
3032
ЁШЛАРНИ БАҲОЛАШДА ХОЛИС ВА АДОЛАТЛИ БЎЛИШ МУҲИМДИР
Бугун Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида бўлиб, чинакам иқтидор эгалари сараланаётган ижодий кириш имтиҳонлари жараёни билан яқиндан танишдик.
Соҳада илғор мутахассисларни тайёрлаб беришда республикадаги етакчи ўқув даргоҳларидан бири саналган мазкур таълим масканида 2021-2022 ўқув йилига тайёргарлик ишлари, абитуриентларнинг ижодий имтиҳон топширишлари учун яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирдик.
Шунингдек, ижодий кириш имтиҳонларини яқиндан кузатдик.
Жараёнда шунга амин бўлдикки, бугун соҳанинг забардаст мутахассислари қаршисида туриб, бор иқтидор ва маҳоратини намоён этаётган ёшларнинг кўзи ёниб турибди.
Улар шунчаки эмас, қатъий аҳд ва аниқ мақсад билан бу соҳада таълим олишга бел боғлаган.
Таъкидлаш жоизки, алоҳида иқтидор талаб этиладиган санъат ва маданият соҳасида етук мутахассис ва санъатимиз давомчиларини тайёрлашда ҳақиқий истеъдодларни саралаб олиш, юртимизнинг энг чекка ҳудудларидан келган ёшларни билими, иқтидори ва меҳнатини юзага чиқариш соҳа ривожида муҳим ҳисобланади.
Шу боис, имтиҳон олиш жараёнларида холислик ва шаффофликни таъминлаш, ҳар бир ижодий чиқишни адолатли баҳолаш айни пайтда олдимизда турган энг зарур вазифадир.
Зеро, ёшларни баҳолашда холис ва адолатли бўлиш жуда муҳимдир.
Озодбек Назарбеков
Маданият вазири