ТУРКИЯ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРИ ТОШКЕНТГА КЕЛДИ.
15 Jul, 2021 - 06:00
758
ТУРКИЯ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРИ ТОШКЕНТГА КЕЛДИ.
Жорий йилнинг 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдид ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этиш мақсадида, юртимизга ташриф буюрган Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғлу дастлаб, Фарғонада бўлиб, Марғилон Ҳунармандлар маркази фаолияти билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида Олтиариқ туманидаги узумчилик боғлари, полиз экин майдонларида бўлиб, водийлик деҳқонлар билан самимий суҳбат қурган Мевлут Чавушўғлу ва бир гуруҳ меҳмонлар Қўқон томон юзланди.
Даставвал, меҳмонлар вилоятдаги олий ўқув юрти — Қўқон университети фаолияти, талабалар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Меҳмонларнинг навбатдаги манзили қадимий обида Худоёрхон саройи бўлди.
Шундан сўнг, Жомеъ мажмуасига ташриф буюрган мартабали меҳмон машҳур Қўқон ҳолвасининг тайёрланиш жараёнига гувоҳ бўлди. Қўқон шаҳрининг бой тарихи, маданияти ва ҳунармандчилик анъаналари билан яқиндан танишди.
Шунинг билан, Туркия ташқи ишлар вазирининг Ҳўқанди латифда бўлган ташрифи ниҳояланиб, Тошкент шаҳрига йўл олди.
Маълумот ўрнида, пойтахтимизда бўлиб ўтадиган халқаро конференцияда Афғонистон ва Покистон давлатлари раҳбарлари, Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Жозеф Боррель ва 20 дан зиёд мамлакат ташқи ишлар вазирлари, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, ҳар бир давлат делегациясига ўзбекистонлик бўлажак дипломат талабалардан вакиллар ҳамроҳлик қилади.