“Санъатим сенга, обод юртим!” ижодий кўрик-танлови
24 Mar, 2022 - 10:00
2535
Ахборот ва матбуот хизмати
“Санъатим сенга, обод юртим!” ижодий кўрик-танлови
Президентимизнинг 2022 йил 2-февралдаги "Маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" ПҚ-112-сон қарор ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги "Санъатим сенга, обод юртим!" ижодий кўрик-танловини эълон қилади.
Умумий қоидалар
Кўрик-танловда республикамиздаги 10 ёшдан 17 ёшгача умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари иштирок этишлари мумкин.
Номзодлар жами тўртта номинация: анъанавий хонандалик, бахши, эстрада хонандалиги, рақс санъати йўналишлари бўйича сараланади.
Ҳар бир ўринга муносиб номзодларни танлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида танловнинг ҳудудий босқичлари ўтказилади.
Кўрик-танловда иштирок этадиган қатнашчиларнинг ижро маҳорати томошабинлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида ўзига хос синовдан ўтказилади.
Номзодлар истеъдоди ва ижро маданиятининг ўзига хослиги, бадиий ижрочилик маҳорати ва савияси, миллий санъатимизнинг юксак намуналаридан бохабарлиги билан алоҳида ажралиб туриши, халқимиз маънавиятини юксалтириш, мустақиллик ғояларини, жамиятимизда амалга оширилаётган маданий-маърифий ислоҳотлар моҳиятини санъат воситасида тарғиб этишга хизмат қилиши лозим.
Тавсия этилаётган ишларни кўришда номзоднинг тайёргарлиги, бадиий ижрочилик маҳорати, репертуар савияси (мусиқа, матн), ижтимоий фаоллиги, инсоний фазилатлари етакчи мутахассислар томонидан юқори баҳоланганлиги, жамоатчилик томонидан эътироф этилганлиги инобатга олинади.
Кўрик-танловнинг мақсад ва вазифалари:
- кўрик-танловнинг асосий мақсад ва вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:
- ўқувчи ёшларнинг истеъдоди ва ижодий қобилиятини намоён этиш;
- ўқувчиларда ўзлари танлаган ихтисосликларни чуқур ўрганишга қизиқишни
ошириш;
- жаҳон мумтоз композиторларининг асарлари, ўзбек ва бошқа халқлар бастакорлари куйларидан баҳраманд бўлишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
- ўзбек мусиқа маданиятини юксак даражага кўтариш ҳамда миллий санъатимизни дунё саҳналарига олиб чиқиш ва келажакда иқтидорли ёшлар ижодини тарғиб этишни кўзлаб, ўқувчиларда дастлабки ижрочилик кўникмаларини шакллантириш.
Кўрик-танловда иштирок этиш
" Кўрик-танловда иштирок этиш истагини билдирган ўқувчилар қуйидаги ҳужжатларни Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар маданият бош бошқармасига 2022-йилнинг1-апрелига қадар тақдим этади:
- номзоднинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасининг нусхаси;
- номзоднинг асосий таълим оладиган таълим муассасаси раҳбари томонидан тасдиқланган маълумотнома;
- номзодга таълим муассасаси раҳбарияти томонидан берилган ижодий тавсифнома;
- 4 дона (9 х12 ҳажмда) рангли фотосурат;
- номзоднинг кўрик-танловда иштирок этиш истаги билдирилган талабнома.
1. Муддатдан кечикиб топширилган ҳужжатлар қабул қилинмайди.
2. Республика босқичида жойлардаги ҳакамлар ҳайъати қарорига асосан тавсия этилган иқтидорли ўқувчилар (ҳар бир номинация бўйича 1 ёки 2 нафардан номзод) иштирок этади.
Кўрик-танлов иштирокчиларини баҳолаш
1. Кўрик-танлов иштирокчиларини баҳолаш учун барча йўналишлар бўйича 3 нафардан иборат таркибда ҳакамлар ҳайъати тузилади.
2. Иштирокчилар томонидан ижро дастурлари бевосита ёддан ижро этилади.
3. Кўрик-танловнинг кичик ва катта гуруҳ иштирокчиларининг ижролари ҳакамлар ҳайъатининг ҳар бир аъзоси томонидан алоҳида тарзда 25 баллик тизимда баҳоланади.
4. Умумий балли энг кўп бўлган иштирокчилар орасидан ҳакамлар ҳайъатининг қарорига асосан кўрик-танловнинг 1,2 ва 3-ўрин совриндорлари белгиланади.
5. Кўрик-танлов якунлари ҳакамлар ҳайъатининг қарори билан расмийлаштирилади.
6 . Ҳакамлар ҳайъати аъзоларининг қарори қайта кўриб чиқилмайди.
Кўрик-танлов иштирокчилари Маданият вазирлиги томонидан:
- ғолиблар учун махсус совғалар;
- диплом ва статуеткалар билан тақдирланади.
Кўрик-танлов совриндорлари ҳамда уларнинг ўқитувчилари ва жўрнавозлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан дипломлар ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланади.
Якуний қоидалар
Кўрик-танловни ўтказиш жараёнлари бўйича келиб чиқадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.