ЎРГАНИШ ВА ТАҲЛИЛ ГУРУҲИ ХОРАЗМДА
09 Aug, 2021 - 18:00
732
Ишчи гуруҳ йиғилиши
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг “Маданият вазирлиги тизимидаги ташкилот ва муассасаларни комплекс ўрганиш, ва уларнинг фаолиятини янада ривожлантириш тўғрисида”ги буйруғига асосан ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан жорий йилнинг 29-30 июль кунлари Хоразм вилояти тизим ташкилотлари фаолияти ўрганилди.
Мазкур ўрганиш ва таҳлил юзасидан Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов бошчилигида йиғилиш ўтказилди.
Унда соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, яратиб берилаётган имкониятлар тўғрисида фикр билдирилиб, келгусида олдимизга турган вазифалар ижроси хусусида батафсил тўхталиб ўтилди.
Маълумот ўрнида келтириш лозимки, Хоразм вилоятида жами 107 та маданият ва санъат муассасалари мавжуд бўлиб, уларда 2320 нафар ходим фаолият юритиб келмоқда.
Йиғилишда маданият бўлимлари, маданият марказлари, таълим муассасалари, театрлар, концерт-томоша фаолияти, кадрлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда ижро-интизоми билан ишлашда хато ва камчиликлар танқидий муҳокама қилинди.
Ишчи гуруҳи томонидан ўрганилган 13 та маданият бўлими мудирлари ҳамда туман (шаҳар) маданият маркази директорлари фаолияти қониқарсиз деб топилиб, Ўзбекистон давлат филармониясининг Хоразм вилояти бўлими раҳбари огоҳлантирилди.
Хоразм вилояти маданият бошқармаси таълим муассасаларини мувофиқлаштириш бўйича бош мутахассиси, халқ ижодиёти ва ҳаваскорликни ривожлантириш сектори бошлиғи ҳамда Маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш бўйича бўлим бошлиғи ҳам қатъий огоҳлантирилиб, вилояти мусиқали драма театри директори ва директор ўринбосарига интизомий чора- "ҳайфсан” эълон қилинди.
Шунингдек, тизимдаги мавжуд таълим муассасалар раҳбарларига тегишли хулоса чиқарилиши белгиланди.
Йиғилиш якунида Б.Аҳмедов томонидан шаҳар ва туманлар маданият бўлимлари мудирларига республикамиздаги мавжуд давлат театрлари билан ҳамкорлик қилиш, вилоятнинг чекка ҳудудлардаги маданият марказларида ҳудуд аҳолисига спектакллар намойишини ташкил этиш, ҳудудлар ижод қилаётган истеъдодли ёшларни, янги овозларни кашф этиш, уларнинг ижодига кўмаклашиш, маҳоратли театр актёрлари иштирокида спектакллар саҳналаштириш, самарали ижод маҳсулига эга ёзувчи ва шоирлар, халқ ҳофизлари ҳамкорлигида вилоят мақом ансамблининг назм ва наво кечаларини ташкил этиш сингари вазифалари белгилаб берилди.