ЎЗБЕК ДЕЛЕГАЦИЯСИ III-ХАЛҚАРО ТУРК ДУНЁСИ ФЕСТИВАЛИДА ИШТИРОК ЭТДИ
06 Aug, 2021 - 12:00
673
ЎЗБЕК ДЕЛЕГАЦИЯСИ III-ХАЛҚАРО ТУРК ДУНЁСИ ФЕСТИВАЛИДА ИШТИРОК ЭТДИ
Аввал хабар берганимиздек, маданий соҳада халқаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, янги ҳамкорликларни йўлга қўйиш мақсадида, Туркия давлатида хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги делегацияси ижодий жамоаси III- Халқаро турк дунёси фестивалида иштирок этди.
Шу куни, куннинг биринчи қисмида делегациямизнинг ижодий жамоаси Истанбул шаҳри Малтепе мериядаги муҳташам маданият марказида навбатдаги тадбирларга тайёргарлик кўрди.
Куннинг иккинчи ярмида эса ушбу маданият марказида Малтепе тумани мэри ўринбосари Канан Денер хоним ҳамда ТУРКСОЙ ташкилоти раҳбари Дусен Касейнов билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда халқаро маданий алоқаларни янада ривожлантириш, ТУРКСОЙ ташкилотининг турк дунёси мамлакатлари маданиятини сақлаш ва тарғиб қилиш, бу орқали туркий халқларнинг бирлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлари эътироф этилди.
Шунингдек, 2020 — 2021 йилларда "Хива шаҳри — туркий дунё маданий пойтахти" доирасидаги лойиҳалар билан билан таништирилди.
Канан Денер хонимга Хоразм диёридан эсдалик совғалари топширилди.
Шундан сўнг, маданият марказининг галериясида ТУРКСОЙ ташкилоти томонидан ташкил этилган Ўзбекистон, хусусан, Хива шаҳрига бағишланган фотокўргазма, ҳунармандчилик кўргазмаси бўлиб ўтди.
Бундан ташқари, "Ичан-қалъа" давлат музей-қўриқхонаси томонидан "смарт музей" лойиҳаси намойиш этилди.
Ушбу лойиҳа ташриф буюрувчилар томонидан жуда катта қизиқиш билан қарши олинди.
100 га яқин картинани ўз ичига олган фотокўргазмада Хива шаҳридаги тарихий обидалар, вилоятнинг ўзига хос туризм салоҳияти билан таништирилди.
Тадбир давомида халқаро ТУРКСОЙ ташкилоти томонидан тайёрланган туркий дунё мамлакатларининг қўшма концерти бўлиб ўтди.
Бадиий қисмда вилоятимиз ижодий жамоаси томонидан саҳналаштирилган театр чиқишлари, миллий куйлар, қўшиқ ва рақслар гулдастаси тақдим этилди.
Фестивалнинг иккинчи куни ТУРКСОЙ ташкилотининг режасига биноан ўзбек делегацияси аъзолари учун Истанбул шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳат ташкил этилди.
Фестивал доирасида ТУРКСОЙ вакиллари бошчилигида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон делегациялари Мармара денгизига чиқишиб, гўзал манзара ва хушҳавосидан баҳраманд бўлишди.
Катта таассуротлар билан денгиздан қайтган ўзбек делегацияси Истанбулдан Караман шаҳрига йўл олди.