5 январь — Юнус Ражабий таваллуд топган кун

05 Jan, 2022 - 16:55
493
5 январь — Юнус Ражабий таваллуд топган кун

Ахборот ва матбуот хизмати

БУЮК САНЪАТКОР ХОТИРАСИ ОЛДИДА ҲАМИША ЭҲТИРОМДАМИЗ

Бугун буюк бастакор, хонанда ва созанда, ўзбек мусиқа меросининг жонкуяр хазинабони, Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон Фанлар академиясининг ягона академиги Юнус Ражабий таваллудига 125 йил тўлди.

Эътироф этиш жоизки, кейинги йилларда Давлатимиз раҳбари томонидан Юнус Ражабий номини абадийлаштириш, мусиқий меросини ўрганиш борасида қатор ишлар амалга оширилди. 

Хусусан, Ўзбек миллий мақом санъати маркази, Юнус Ражабий номидаги намунали мақом ансамбли, Ўзбек миллий мусиқа санъати институти, уй музейи, маданият марказининг ташкил этилиши ҳамда пойтахт кўчаларидан бири ва метро бекатига Юнус Ражабий номи берилиши ҳам беназир санъаткор хотирасига билдирилган эҳтиром намунасидир. 

1971 йилда Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати, 2000 йилда «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган Ўзбекистон халқ артистининг репертуаридан «Гиря», «Ушшоқ», «Кўча боғи», «Қаландарий», «Гулёр — Шаҳноз», «Дугоҳи Ҳусайний», «Чоргоҳ», «Мискин» каби ашула ва куй туркумлари айни пайтда ҳам ёшлар томонидан севиб тингланмоқда.

Шунингдек, устоз санъаткор томонидан қайта ишланиб, тикланган «Субҳидам», «Ёлғиз», «Сайқал», «Фиғон», «Ораз», «Беги Султон» кабилар ҳам мақом санъатининг давомчиларига дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбек мумтоз санъатининг яратилишида, ушбу санъатнинг таровати, шакли, жозибасини асрлар оша яшаб келишига ва ривожланишига мислсиз ҳисса қўшган, ижодий мероси билан мусиқа соҳасида ўзининг ўлмас номини муҳрлаб кетган буюк санъаткор хотираси олдида ҳамиша эҳтиромдамиз.

Маданият вазири          
Озодбек Назарбеков

O'zbekiston Respublikasi Madaniyat Vazirligi MM

Rasmiy sahifa



Biz bilan aloqa

Topilgan xatoni izohlash