ХУШ КЕЛДИНГ ЯНГИ ЙИЛ!

01 Jan, 2022 - 00:15
483
ХУШ КЕЛДИНГ ЯНГИ ЙИЛ!

Ахборот ва матбуот хизмати

Мана, барчамизга бетакрор таассуротлар, чексиз қувонч бағишлаб Янги йил ҳам кириб келди. Ортда қолган йил фаолиятимизга сермаҳсуллик, муваффақият бағишлаган бўлса, янги — 2022 йил улкан режа ва мақсадларимиз, чексиз орзуларимизга қанот бўлғусидир...

Ҳар бир йилнинг поёнида ортга назар ташлаб, сарҳисоб қилиш, ютуқлардан тажриба, хатолардан хулоса чиқариш келгусида зафарли, дадил одимлар ташлашга замин ҳозирлайди.

Ҳақиқатдан ҳам, қадрдонимиз 2021 йилни ёруғ юз билан кузатяпмиз. Давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилган кенг кўламли иқтисодий- сиёсий , маданий-маърифий, ижтимоий ислоҳотлар самараси халқимизнинг кўз ўнгида бўй кўрсатди. Халқаро алоқалар, дўстона муносабатлар  янада ривож топиб, халқ фаровонлиги йўлидаги саъй-ҳаракатлар натижадорлиги ортди. Вилоятлар, шаҳару қишлоқларимизнинг янги қиёфаси, ҳар соҳада эришилаётган ютуқлар кўлами барчани қувонтирди.

Хусусан,  маданият ва санъат соҳасида ҳам айтишга арзигулик лойиҳалар, саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари, шаҳар, вилоят, туман маданият марказлари, бошқармалари фаолияти ўрганилиб, зарур тавсиялар ва амалий кўмак берилди.

Энг қувонарлиси, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Юнус Ражабий номидаги миллий мусиқа санъати институти талабалари мақом санъатини қизиқиш билан ўзлаштира бошлашди. Уларнинг истеъдоди, маҳоратли чиқишлари нафақат юртдошларимизни, балки хорижлик мумтоз санъат шинавандалари қалбидан жой олишга ҳам улгурди. 

Ўтган йилда ўзбек миллий маданияти ва санъати бутун дунё маданият вакилларида  эътирофига сазовор бўлди. 

Шунингдек, ўзбек мақом санъати устаси Ўзбекистон халқ артисти Муножат Йўлчиевага Ўзбекистон Қаҳрамони унвони берилгани,  халқимизнинг ноёб "Бахшичилик санъати” ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилгани йилнинг энг муҳим воқеаси бўлганини ҳам мамнуният ила таъкидлашимиз лозим. 

Ўтаётган йилимиз дўстона муносабатларни ривожлантириш, миллий маданиятларни намойиш этиш орқали мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари олиб борилгани билан ҳам аҳамиятли бўлди. Айниқса, Туркия, Озарбайжон, Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Грузия, БАА, Чеченистон, МДҲ давлатлари билан янги, истиқболли маданий алоқаларнинг йўлга қўйилгани аҳамиятлидир.

Дарҳақиқат, йил давомида қилинган ишларимиз жуда кўп. Бундай сермаҳсуллик учун ўтган  йилимиздан розимиз. Олдинда эса янги-янги орзулар, улкан марраларга эришиш орзуси турибди. 

Барча юртдошларимизга  эзгу ниятлари, ширин орзулари рўёбини тилаб, шахдам қадамлар билан кириб келган янги — 2022 йилимиз янада сермазмун, муваффақиятларга бой  бўлсин, дея ният қилдик. 

Ҳар бирингизга йўлбарснинг куч-қуввати, азму шижоати, ҳамроҳ бўлсин! 

Хуш келдинг Янги йил!

Озодбек Назарбеков
Маданият вазири

O'zbekiston Respublikasi Madaniyat Vazirligi MM

Rasmiy sahifa



Biz bilan aloqa

Topilgan xatoni izohlash