Маданият вазирлиги томонидан 2019-2021 йилларда амалга оширилган ишлар ва 2022 йилда бажарилиши режалаштирилган долзарб вазифалар тўғрисида МАЪЛУМОТ
04 Mar, 2022 - 16:00
679
Axborot va matbuot xizmati
Маданият вазирлиги томонидан 2019-2021 йилларда амалга оширилган ишлар ва 2022 йилда бажарилиши режалаштирилган долзарб вазифалар тўғрисида
МАЪЛУМОТ
I. Асосий натижалар, йўл қўйилган камчиликлар
ва уларни бартараф этиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар.
2019 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида маданият ва санъат соҳасига оид 5 та Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 39 та Фармони
ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 77 та қарори ва фармойиши қабул қилинди.
Хусусан, 2021 йил 20 январда Ўзбекистон Республикасининг “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Маданият ва санъат соҳасидаги ислоҳотларни жадал давом эттириш, маданият органлари
ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 майдаги “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни
ва таъсирини янада ошириш тўғрисида” ПФ-6000-сон Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4730-сон қарори қабул қилинди.
Соҳа ходимлари мақомини ошириш мақсадида 15 апрель Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни этиб белгиланди.
Ю.Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти, Ўзбекистон давлат хореография академияси Урганч филиали, Ўзбекистон давлат консерваторияси Нукус филиали, Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада санъати институти ҳамда Нукус шаҳрида опера ва Термиз шаҳрида бахшичилик мактаблари, Бухоро, Фарғона, Хоразм вилоятларида мақом мактаблари, Бухоро, Қашқадарё, Наманган ва Хоразм вилоятларида рақс мактаблари, Республика мусиқа ва санъат коллежи, Маданий мерос илмий-тадқиқот институти фаолияти йўлга қўйилди.
Кейинги йилларда санъат ва маданият соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ҳамда олий таълим муассасалари сонининг ошиши натижасида Маданият вазирлиги тасарруфидаги олий таълим муассасаларига 10 минг нафарга яқин талабалар қамраб олинди.
Шунингдек, ёшларнинг мусиқа ва санъатга бўлган қизиқишлари ортиши туфайли 90 минг нафар ўқувчи мусиқа
ва санъат мактабларига ҳамда 9 минг нафардан зиёд ўғил-қизлар ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларга жалб қилинди.
Сўнгги йилларда Маданият вазирлиги тасарруфидаги таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган педагог ходимларнинг
30 нафари номзодлик ва докторлик дисертацияларини ёқлади.
Олий таълим муассасалари билан хорижий таълим муассасалари ўртасидаги ўзаро алоқаларни янада кучайтириш мақсадида ривожланган давлатлардаги турдош таълим муассасалари билан 50 га яқин ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
Драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарларни хусусий театрларда саҳналаштириш ва ижро этишга давлат буюртмаси бериш тизими яратилди.
Давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги концерт, маданият саройлари ва бошқа муассасаларда тўлиқ жонли ижро асосида ўтказиладиган концерт-томоша тадбирлари учун ижара тўлови 50 фоизга камайтирилди.
2021 йилдан бошлаб Республика, вилоят ва туман (шаҳар) миқёсида ўтказиладиган давлат тадбирларининг календарь режаларини тасдиқлаш амалиёти жорий этилди.
Маданият ва санъат соҳаси вакилларининг Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси ташкил этилди.
Санъаткорларни вазирлик ва идораларнинг касб байрамларига, юбилей ва корпоративларга жамоатчилик асосида жалб қилиш ҳолатларига чек қўйилиб, бундай тадбирларга
фақат шартнома асосида жалб қилиш мумкинлиги белгилаб қўйилди.
Концерт-томоша фаолияти иштирокчиларининг ягона онлайн портали ишга туширилмоқда.
Театрларда саҳналаштирилган асарлар муаллифларига тўланадиган қалам ҳақи бўйича 41 нафар муаллифнинг
2014 йилдан бери тўпланиб қолган қарздорлиги тўлаб берилди.
Ҳар бир ҳудудда кўчма цирклар (шапито, дорбозлар гуруҳлари) ҳамда ҳайвонот боғлари ҳамда ҳар бир туман
ва шаҳарда ўлкашунослик музейларини ташкил этиш ишлари амалга оширилди.
Ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва Ахборот-мультимедия маркази ташкил этилди. Марказ мусиқа фестиваллари, кўрик-танловларда ғолиб ва совриндор бўлган, олий таълим муассасаларида ўқиётган ёки уларни эндигина тамомлаган иқтидорли ёшларга шартнома асосида продюсерлик ва мультимедиа хизматлари кўрсатади.
Музейларнинг илмий салоҳиятини кучайтириш мақсадида 2021 йил 1 январдан бошлаб музейларнинг илмий даражага эга бўлган ходимларининг базавий лавозим маошлари
2-2,5 коэффициентга оширилди.
2020 йил сентябрь ойидан эътиборан давлат музейларида ҳар ойнинг биринчи якшанбаси “Очиқ эшиклар куни” деб эълон қилинди ва ушбу кунда фуқаролар давлат музейларига бепул киритилиши белгиланди.
Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини 2025 йилга қадар амалга оширишнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланади.
2020 йилда 15 та маданият маркази, 3 та театр, 4 та музей
ва давлат Инвестиция дастури доирасида 8 та, жами 30 та маданият ва санъат муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, 75 та моддий маданий мерос объектида реставрация-концервация ишлари олиб борилди.
2021 йил Инвестиция дастури доирасида 11 та ҳамда республика бюджети ҳисобидан жами 22 та маданият ва санъат муассасасида 142,5 млрд сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
2019-2020 йилларда 10 та, 2021 йил биринчи ярим йиллигида 7 та маданият ва санъат муассасаси фаолияти давлат-хусусий шериклик механизми асосида ташкил этилди. Ўз навбатида,
2021 йилда қўшимча 8 та объект давлат-хусусий шериклик асосида берилиб, уларнинг сони жами 15 тага етказилади.
Бундан ташқари, 20 та таъмирталаб маданият ва санъат муассасасида хорижий ва маҳаллий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилди.
Республикадаги 39 та театрда 2020 йилда 2 минг 819 та,
2021 йилда 122 та янги спектакль саҳналаштирилиб, 7437 та спектакль сеанси намойиш қилинди.
Қолаверса, 826 та маданият марказида 2,2 мингга яқин тадбирлар уюштирилди. Маданият марказларининг 502 тасида вокал, эстрада, рақс, халқ чолғулари, гимнастика, тасвирий
ва амалий санъат, бадиий ўқиш, қўғирчоқбозлик, драма
ва ҳаваскорлик театри йўналишлари бўйича тўгаракларда онлайн дарслар ташкил этилди.
2020 йил давомида музейлар фаолиятини ривожлантиришда асосий эътибор соҳага ахборот технологияларини фаол татбиқ қилиш, рақамлаштириш ишларига қаратилди. Жумладан,
2020 йилда Миллий музей фондининг электрон каталоги тизими яратилиб (www.davkatalog.uz), унга 46 та давлат музейи бириктирилди ҳамда 200 мингдан ортиқ музей ашёлари
ва коллекциялари тўғрисидаги маълумотлар киритилди.
Шунингдек, Ўзбекистон музейлари ягона портали яратилиб (www.museums.uz), ҳозирги вақтда унга 26 та музей тўғрисидаги маълумотлар киритилди.
Тошкент шаҳридаги музейларга оид маълумотларни roundme.com платформасига жойлаштириш учун энг замонавий IT технологияларидан фойдаланган ҳолда, сифат кўрсаткичининг янги стандарти – 12 К ўлчамида, 3D форматда тасвирга олиш (“Виртуал музей” лойиҳаси) ишлари олиб борилди. Хусусан, 15 дан ортиқ музейларда тасвирга олиш ишлари амалга оширилди ҳамда дунёдаги энг катта платформа ҳисобланган roundme.com, шунингдек, vrmuseum.uz (TasIX) га жойлаштирилди.
2020 йилда аҳоли, жумладан, ёшларни уйда қолган ҳолда бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда маданият ва санъатга бўлган қизиқишларини орттириш мақсадида 4 та онлайн кўрик-танлов ва 1 та онлайн фестиваль ташкил этилди. Хусусан, “Уйдаги юлдузлар”, “Ёшларда маданий ҳаёт”, “Умрбоқий наволар” “Дунё ранглари оқ ва қора рангларда” каби онлайн кўрик-танловлар ҳамда “Китобга муҳаббат ва мен севган қаҳрамон” онлайн фестивали йўлга қўйилиб, мазкур тадбирларга жами 13 минг нафардан ортиқ ёшлар жалб этилди ҳамда 150 нафари муносиб тақдирланди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 ноябрдаги 503-сон фармойишига асосан, 2020 йил 2 декабрда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллигига бағишланган бадиий кеча, 2020 йил 24 декабрда Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида Сойиб Хўжаевнинг 110 йиллигига ҳамда 2020 йил 25 декабрда Ўзбек Миллий академик драма театрида Олим Хўжаевнинг 110 йиллигига бағишланган хотира ва бадиий кечалар юқори савияда ўтказилди.
2020 йилда Жиззах вилояти қўғирчоқ театрининг янги биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
27 та театрда “Бизнинг театр” мавзусидаги илмий-амалий анжуманлар ташкил этилди. Шундан 22 таси карантин даврида онлайн ўтказилди.
Карантин шароитида театр ва “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасаси ижодкорлари ижоддан узилмаган ҳолда, 2020 йилда республика бўйлаб 6 та онлайн ва 2021 йилда 96 та гастроль сафарини амалга оширди.
Навоий ва Тошкент вилоятларида қўғирчоқ театрлари
ва мусиқали драма театрлари ҳамда Наманган ва Сирдарё вилоятларида қўғирчоқ театрлари фаолиятини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 ноябрдаги 754-сон қарори қабул қилинди.
2020 йилда спектакль саҳналаштириш учун 15 та театрга 2,4 млрд. сўм ҳамда 2021 йилда 11 та театрга 2,11 млрд. сўм миқдорида давлат буюртмаси ажратилди.